Петербургда мигрантларга кўмаклашиш жамғармаси очилди
Санкт-Петербургда
очилган марказий-осиёлик меҳнат муҳожирларига ёрдам кўрсатиш жамғармаси
юристлари ва мутахассислари томонидан шаҳарда яшаб меҳнат қилаётган
мигрантларга турли масалалар бўйича бепул ёрдам кўрсатилиши айтилмоқда.
09.08.2012
2012 йилнинг 1
августидан Санкт-Петербургда "Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига
ёрдам кўрсатиш жамғармаси” нотижорат ташкилоти ўз фолиятини бошлади.
Санкт-Петербургдаги муҳожирлар учун ўзбек, тожик ва рус тилларида чоп
этиладиган "Турон” газетаси бош муҳаррири Маҳмуд Маматмўминов жамғарма
раиси этиб тайинланди.
Келиб чиқиши ўшлик бўлган Маҳмуд ака ўз фаолияти давомида Марказий
Осиёдан келаётган меҳнат муҳожирларининг саноқсиз муаммоларга дуч
келаётгани, уларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётганига гувоҳ бўлаётгани
жамғарма тузишга туртки бўлганини айтади.
"Биз Петербургдаги мигрантларнинг жойлашиши, маҳаллий шароитларга
мослашиши ва юзага келаётган турли муаммоларни бартараф этишга
кўмаклашиш ниятидамиз”, дейди Озодлик билан суҳбатлашган жамғарма раиси
Маҳмуд Маматмўминов.
- Газетани чиқариб 1,5 йил давомида иш олиб бориш орасида ҳар хил
саволлар туғилди. Одамлар редакцияга мурожаат қилиб "Мени мана бу ерда
пулимни бермади” ё "Мени мана бу ерда алдаб кетишди” ёки шунга ўхшаган
проблеиалар кўпайиб кетиб, одамлар қаерга боришни билмасдан газетага
мурожаат қилишди. Баъзиларига ёрдам бердик, баъзиларига йўқ, чунки
газетанинг ҳамма ерга қўли ета олмайди-да. Ўйлаб кўриб, ёнимизга ҳуқуқни
биладиган Россия қонунларини билган юристларни олиб бир ташкилотга
айлантирсак, деган фикр келди. Қарасак, диаспоралар бор, автономия ва
миллий бирлашмалар бор – шу фонд дегани Санкт-Петербургда йўқ экан,
дейди мигрантларда кўмаклашиш биринчи жамғармаси раиси Маҳмуд ака.
Жамғарма раиси Маҳмуд Маматмўминов билан суҳбатЖамғарма ходимлари ёрдам сўраб келган марказий-осиёлик муҳожирларга
бепул турли тавсиялар, маслаҳат ва бошқа хизматларни кўрсатмоқда.
Жамғарма раҳбари Маҳмуд Маматмўминовнинг сўзларига кўра, ташкилот
очилганидан буён бир ҳафта давомида иккита юрист ва бир нечта кўнгилли
ёрдамида аллақачон мигрантларга реал кўмак беришни бошлади.
- Пулини ололмасдан юрганларнинг нечтаси келиб бизга ариза ёзишди,
бугунни ўзида бир ўзбекистонликнинг укаси узилган экан, жўнатишга пули
йўқ экан, қўйишга ёрдам берамиз. Бир қизни машина уриб кетган экан,
ишини қайта очиб туриб унга компенсация қилиш учун бизнинг юристлар
ҳаракат қиляпти. Айтадиган бўлсам иш кўп. Ҳозирча ўзимизнинг
таъсисчимиз бор, лекин кейинчалик ҳайрия қиладиган инсонлар чиқиб қолса
янада яхши бўлади, қўлдан келганча ўзимиз ҳам ёрдам берамиз. Шунингдек
биз тожик, қирғиз ва бошқа диаспоралар билан алоқадамиз, дейди жамғарма
раиси.
Маҳмуд аканинг сўзларига кўра, кейинги йилларда Санкт Петербургдаги
меҳнат муҳожирлари ўз муаммолари билан қаерга мурожаат қилишни билмай
қолди.
Жамғарманинг асосий мақсадини Маҳмуд Маматмўминов, шунингдек,
Санкт-Петербургда мигрантлар ҳақида маҳаллий аҳолининг тасаввурини ҳосил
қилиш, умуман шаҳарда ижобий муҳит яратилишига кўмаклашишдан иборатдир,
дея қўшимча қилди.
Марказий-осиёлик меҳнат муҳожирларига ёрдам кўрсатиш жамғармасининг яна
бир масъул ходими – Марина Мелник Озодликка ташкилот Санкт-Петербургдаги
меҳнат муҳожирларига кўмаклашишдан ташқари турли конференция ва оқартув
семинарлари, кўргазмаю учрашувларни ташкил этишни ҳам режалаштирмоқда,
дейди.
- Биз яқинда учрашув уюштириб айрим одамларни таклиф қилмоқчи эдик. Энг
асосийси одамлар билсинки, шундай ташкилот Питерда иш бошлади, у ерга
муҳожирлар ҳар қандай муаммолари - юридик маслаҳатлардан тортиб ётоқ
жойи муаммоси билан мурожаат қилишлари мумкин. Бизнинг юристларимиз
нафақат Россия қонунлари , балки Ўзбекистон қонунчилигини ҳам яхши
билади ва ёрдами тегади деган умиддамиз, дейди Марина Мелник.
Марина Мелник Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига ёрдам кўрсатиш жамғармаси қўйидаги манзил бўйича жойлашганини маълум қилди:
Санкт-Петербург ш., "Пролетарская” метро бекати, "Обуховской обороны” проспекти, 116 уй, "Троицкое поле” Бизнес Маркази, 24 офис
ёки +7 (812) 309-46-06 телефони бўйича мурожаат қилишлари мумкин.
|