Америкалик меҳмонлар ташриф буюрди 18 август куни Қарши шаҳрига Америкалик меҳмонлар ташриф буюрди. Улар
билан биз – мен ва Нодир Аҳатов соат 19.30 чамасида, Қарши шаҳрининг
кафеларидан бирида учрашдик. Ҳақиқатни айтганда, уларни мен уйга таклиф
қилмоқчи эдим, аммо уч кунча аввал сал кам 100 ёшга яқинлашиб қолган
момом оёқлари сирпаниб йиқилиб тушдилар. Бироз бетобланган момони
беҳузур қилмаслик мақсадида меҳмонлар билан қаҳвахоналардан бирида
учрашишга қарор бердик. Бу учрашувда Америка Қўшма Штатлари
элчихонасининг Ўзбекистондаги вакили, сиёсий – иқтисодий бўлим
ассистенти Мамед Аскеров, сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчи Жаҳиси
Ҳелвиг (Jahice Helwig), АҚШ нинг Европада ҳамкорлик ва хавфсизлик бўйича
комиссия вакили Эрик Колленсон (Eric Kollenson) ва тағин бир неча
кишилар бор эди.
Ўзбекистонда инсон ҳақларининг бузилиши, асосан аёлларнинг мажбурий
тарзда стерилизация қилиниши, қийноқларнинг қўлланилиши каби масалалар
хорижлик меҳмонлар қизиқишининг марказида турди. Айниқса, сўнгги ўн йил
ичида урф бўлган одат, ўзбек мусулмонларининг уйдирма айблар билан
ҳибсга олиниши ва уларнинг узоқ муддатга жазо колонияларига юборилиши,
ҳамда аёвсиз қийноқлар қўлланилаётгани АҚШ лик меҳмонларда нафақат
таажжуб, балки ачиниш ҳиссини ҳам уйғотди. Албатта Ўзбекистондаги,
хусусан биз яшаб турган ҳудуд Қашқадарё вилоятидаги аҳвол билан мукаммал
таниш бўлмасакда, уларни қизиқтирган саволларга имконимиз қадар жавоб
бердик. Суҳбат жуда мароқлик кечди десак ҳам муболаға бўлмасди, шунда
ҳам ундаги кўтарилган кўнгилсизликларни инобатга олмасак. Ўз навбатида
биз ҳам ғарбнинг энг тараққий этган мамлакатидан келган вакилларга
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари муаммоларига кўпроқ аҳамият қаратишни ва
масъул вакиллардан унга амал қилишни талаб сифатида қўйишни ҳам сўраб
ўтдик.
Ўзимизга ва яқинларимизга нисбатан
кучайиб бораётган босимлар ҳам диққатимиздан четда қолмади. Менинг
суратларимни Photoshop компьютер программасида қайта ишлаб унинг
ёрдамида номимни булғашга қилинган уриниш эса ўзбек мулозимларининг
бачкана қилиқлари сифатида меҳмонларда кулги уйғотди. Суҳбатимиз кеч
соат 23.30 қадар давом этди. Сўнг уйга қайтдик. Албатта бу каби
учрашувларнинг бўлиб ўтиши ўзбек махсус хизматларининг диққат назаридан
четда қолмайди. Тонг вақтида уйдан чиқарканман, тахминан соат 7:30 лар
эди, ойналари қора қилинган Дамас русумидаги автомашинадан туриб мен
яшаб турган уйни негадир суратга ҳам олишди. Дамас русумлик бу
микроавтобуснинг давлат рақамлари ҳам йўқ эди ва унинг ичида икки нафар
бизга номаълум бўлган шахс ўтирарди. Инсон ҳақлари учун кураш давом
этаяпди. Қийинчиликлар билан ва деярлик муваффақиятсизлик билан, аммо
давом этаяпди.
20-август, 2012-йил.
Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг
Қашқадарё вилоят бўлими раиси.
|