Дунёнинг қисмати
Бу синов дунё, қаранглар, Ҳақ бўлак, ёлғон бўлак,
Ҳақ Таъоло соҳиби ҳақдир аниқ, шайтон бўлак.
Одамизод гарчи Одам бирла Ҳавво наслидан,
Энди бу кун тил бўлак, миллат бўлак, ошён бўлак.
Ҳар бирини ўз йўли, ўз давлати, ўз дини бор,
Бир-бирин инкор қилурлар, эътиқод, иймон бўлак.
Ким насоро, ким яҳуд, ким бутпараст – оташпараст,
Аҳли тавҳидларни қилди оқибат Қуръон бўлак.
Бир-бири бирла ҳамиша ўртада бордир низо,
Xар қаюда куч бўлак, қудрат бўлак, имкон бўлак.
Турли миллат, турли давлат, мол учун, дунё учун,
Қон тўкарлар мақсаду-орзу бўлак, армон бўлак.
Қай бирида бўлса бойлик, қай бировлар хору-зор,
Ризқ бўлак, қисмат бўлак, ўлчов бўлак, мезон бўлак.
Ҳар бирида турлича бахт, турлича қайғу – алам,
Ҳар бириси орзу қилган тахт бўлак, султон бўлак.
Ким яшайди шоду – хандон, ким ғарибу – нотавон,
Ҳар қаюда дард бўлак, ҳасрат бўлак, дармон бўлак.
Қай бири доною оқил, қай бири жоҳил ёмон,
Чунки дилларни суғорган сув бўлак, уммон бўлак.
Бирма-бир ўтгай ҳаётдан ёш – қари, шоҳу- гадо,
Чунки, тақсими азалда ризқ бўлакдир, жон бўлак.
Энди Ҳақ даргоҳида бари бўлар бир-бир ҳисоб,
Аҳли жаннат, аҳли дўзах бўлгуси ҳар ён бўлак.
Барча золимлар бўлур иблис билан дўзахда жам,
Лекин Ҳақ аҳлини бўлгай иззати чандон бўлак.
Кимгадир мангу саодат, кимгадир мангу азоб,
Бошқа нўш этмас ажални шарбатин инсон бўлак.
Алданиб дунёга дўзах аҳли бўлса ким қаранг,
Фойда бермас айлаган афсус билан афғон бўлак.
Чунки, ўтди умри Ҳақни топмайин ботил билан,
Энди Ҳақ шаънига қилмас туҳмату – бўҳтон бўлак.
Аҳли жаннат, раҳмати Ҳақ бирла жаннат боғида,
Ҳар бирида эҳтиром қасру – сарой бўстон бўлак.
Энди чекмаслар машаққат, энди йўқдир ғам – алам,
Энди кўрмаслар бало – офатлару, зиндон бўлак.
Қиёмат бўлгач тугар бу фоний дунёда ҳаёт,
Бошланар боқий ҳаёт, бўлгай замин, осмон бўлак.
Ҳақ Таъоло ваъдасига зарра шубҳа бўлмасин,
Яккаю ёлғиз Илоҳдир, ўзга йўқ Раҳмон бўлак.
Саҳвиё, қисмат битилгандир азалдан, ҳар на бор,
Ҳикматини англаёлмай, бўлмагил ҳайрон бўлак.
Саҳвий
|