Ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовга олти ярим йиллик қамоқ жазоси сўралди
Тошкент шаҳар жиноят маҳкамасида ҳакам Анвар Зиёев раислигида ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов устидан маҳкама жараёни бўлиб ўтган.
Ҳуқуқ фаолига туҳмат, ҳақорат ва конституцион тузумга тажовуз қилиш каби айбловлар қўйилган.
Прокурор Дилшод Содиқов Шуҳрат Рустамовга энг кам иш ҳақининг 300 баробарида жарима белгилаш ва олти йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган.
Маҳкама эртага давом этиши кутилмоқда. Шуҳрат Рустамовга кўра, сохта тергов хулосаларига асосланган маҳкаманинг ўзи қонунга зид тарзда ўтган.
Унинг билдиришича, ички ишлар ходимлари томонидан жиззахлик фермернинг ҳуқуқлари бузилиб, босим ўтказилгани учун фермернинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққани боис ўзига ҳам сохта жиноий иш очилган.
Маҳкаманинг олдинги мажлислари ҳам қатор қонунбузарликлар билан ўтгани хабар қилинганди.
Ҳуқуқ фаолларининг маҳкамада қатнашишига дастлаб қаршилик бўлган. Улар президентга шикоят аризаси йўллашгач, маҳкамани кузатишга қўйилганлар.
Шуҳрат Рустамов ўзини ҳимоя қилиш учун далиллари етарли эканини айтиб, давлат томонидан берилган ҳимоячидан воз кечган.
Шуҳрат Рустамов маҳкама унга адолатсиз қарор чиқарса, ҳукмга қарши шикоят қилишини айтди.
|