Шайх Муҳаммад ал–Ғазолий (раҳматуллоҳи алайҳ)
Шайх Муҳаммад ал–Ғазолий Аҳмад ас-Сиқо 1335 ҳижрий сананинг 5-
зулҳижжа ойида (1917 мелодий йилнинг 22-сентябрида) Мисрнинг Буҳайра
вилоятига қарашли Эйтой Баруд қишлоғида дунёга келдилар.
Ғазолий жаноблари диндор оилада беш ака-ука ичида улғайдилар.
Қуръони каримни ўзларининг қишлоқларида ўн ёшликларидаёқ ёд олдилар. У
зот ўзлари ҳақларида гапириб: "Мен Қуръон тиловатини яхшилаб ўтказиш
учун эртаю-кеч ҳаракат қилар эдим. Қуръонни кўпинча намоз кетидан ёки
уйқу олдидан ёки яккалигимда хатм қилар эдим. Айниқса бу Қуръон
маҳбуслик пайтимда жуда ҳам асқотди. Чунки якка қолган шахс учун Қуръон
энг яхши ҳамроҳдир”, дедилар.
Шайх жаноблари Қуръони каримни тўла ёд олгач, Искандарийядаги диний
бошланғич мактабга ўқишга кириб, мазкур мактабнинг дипломини, сўнгра
лицей дипломини қўлга киритдилар. 1937 йили Қоҳирага бориб, Азҳарнинг
"Усул ад-Дийн” факултетига ўқишга кириб” Факултетнинг учинчи курсида
ўқиётганларида журналларга мақолалар ёзишни бошладилар. 1941-йили
факултетни тамомлагач, даъват ва иршод ишлари мутахассислигини халқаро
дипломини қўлга киритдилар. Биринчи даъват ишларини Қоҳирадаги
масжидлардан бирида бошладилар. Илм таҳсилини шайх Абдулазим Зарқоний,
шайх Маҳмуд Шалтут, шайх Муҳаммад Абу Зуҳра, доктор Муҳаммад Юсуф Мусо
ва бошқа Азҳар уламоларида давом эттирдилар.
Ғазолий деб номланиши оталари рағбати билан бўлган эди. Бир куни
оталари туш кўрди. Тушда "Сен бир фарзанд кўрасан, унинг исмини Ғазолий
қўйгин”, дейилди. Ана шундан кейин кўрган тушларига биноан оталари
ўғилларини Ғазолий деб номладилар.
1984-йили Жазоирдаги Амир Абдулқодир университетида дарс бериш учун
у ерга сафар қилдилар. У ерда Юсуф Қарзовий, Шайх Бутий каби олимларга
дарс бердилар. Дарс беришлари то 20-асрнинг 90-йилларигача давом этди.
Бир неча мукофотларни ҳам қўлга киритдилар. Масалан 1989-йили Исломий
илмлар бўйича подшоҳ Файсалнинг мукофотини қўлга киритдилар.
Шайх Ғазолий "Даъват адиби” лақабини олганлар. У зот ҳақларида бир
қанча китоб ва диссертациялар битилди. Улардан бири Жазоирлик
тадқиқотчи Иброҳим Нувайрийнинг "Муфаккир ва даъватчи Шайх Муҳаммад
Ғазолий” илмий иши бўлиб, уни Амир Абдулқодир университетида муноқаша
қилинди. Ва яна Юсуф Қарзовийнинг "Ярим аср Шайх Ғазолий билан бирга”
рисоласи ва яна Муҳаммад Амморанинг "Шайх Ғазолийнинг фикрий ўрни ва
фикрий маъракаси” каби рисолачалари мавжуд.
Шайх Ғазолий замонамиздаги Исломий фикрлар даъватчиси, Исломий
фикрлар янгиловчиси ва динда ғулувга кетиб, қаттиқ бўлиб қолганларга
курашувчи зот эдилар.
Шайх Ғазолий 1996 мелодий сана, 9-март куни Саудиядаги бўлиб ўтаётган
конференцияда вафот этдилар. У зотни Мадина шаҳридаги саҳобалар ётишган
Бақийъ қабристонига дафн этилди. У зот вафот этишларидан озгина олдин
Бақеъга дафн этилишларини орзу қилган эдилар. Аллоҳ ушбу орзуларини оз
фурсат ичида рўёбга чиқарди. Аллоҳ у зотдан рози бўлсин.
У зот қаламларига мансуб китоблар:
1. Ақидатул Муслим
2. Фиқҳус сийра
3. Исломни қандай тушунасан
4. Даъватчининг ғами
5. Араб ва мусулмонларнинг қолоқ бўлиб қолиш сабаби
6. Мусулмоннинг хулқи
7. Қуръон маъракаси
8. Исломий ҳаёт йўлидаги муаммолар
9. Ислом устидаги тўқималар
10. Ислом ва Социалистик дастурлар
11. Ислом ва иқтисодий ҳолат
12. Ислом ва сиёсий истибдод
13. Ислом ва кучсизланган энергия
14. Мустамлака тамаъси
15. Даъват маркаби
16. Ислом ва масиҳийлар орасидаги таассуб ва ўтимлилик
17. Араб миллатчилиги ҳақиқати
18. Аллоҳ билан бирга
19. Аччиқ ҳақиқат
20. Қазоифул ҳақ
21. Дин кураши
22. Мана шу ердан биламиз
23. Қуръонга назар
24. Миссионерлар даъватчиларидан огоҳлик қичқириғи
25. Ҳаётингни янгила
26. Исломий даъват
27. Йўл мана бу ердан
28. Исломда аёл
29. Дин ва ҳаётдаги фикрлар
30. Қуръон билан қандай муомала қиламиз.
|