Воскресенье, 24-05-19, 11:10

Яхши сўз ва кечириш, ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир.

ҲИМОЯЧИ

ХАЛҚАРО ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ ЖАМИЯТИ
O'ZBEKCHA  РУССКИЙ   ENGLISH   SVENSKA    AF SOMALI    العربيه
МАНЗИЛИМИЗ Бош саҳифа Рўйхатдан ўтиш КИРИШ
САЛОМНОМА, Гость · RSS
Б Ў Л И М Л А Р
ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ [284]
ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ ХАЁТИДАН ЛАВХАЛАР [72]
ҲУҚУҚ ХИМОЯЧИЛАРИ ЁЗИШМОҚДА [211]
ИСЛОМ ВА МУСУЛМОНЛАР [183]
ШЕРИЯТ ГУЛШАНИ [85]
СОBРИНДОРЛАР [11]
ЭЪЛОНЛАР [16]
ОЧИҚ ХАТЛАР [24]
БАЁНОТЛАР [21]
МАХБУСЛАР ХАЁТИДАН [51]
МУХОЖИРЛАР ХАЁТИДАН [127]
АДАБИЁТ ВА САНЪАТ [18]
СИЁСАТ [73]
ТАРИХ [15]
ВИДЕОЛАВХАЛАР [27]
ҲИКМАТЛАР ХАЗИНАСИ [2]
ЖУРНАЛИСТЛАР ХАЁТИДАН [49]
АМАЛДОРЛАР ХАЁТИДАН [31]
МУРОЖААТНОМАЛАР [29]
НОРОЗИЛИК НАМОИШЛАРИ [37]
БОЛАЛАР МЕХНАТИ [10]
ХАЛОКАТЛАР [12]
ЙИҒИЛИШЛАР [12]
ТАРИХИЙ ШАХСЛАР [11]
С П О Р Т [13]
ТАБОБАТ ХАЗИНАСИДАН [25]
РАДДИЯЛАР [6]
ТАЗИЯНОМАЛАР [9]
Д У Н Ё Х А Б А Р Л А Р И [139]
Қ И Й Н О Қ Л А Р [25]
АДВОКАТЛАР ХАЁТИДАН [6]
БАХС-МУНОЗАРА-МУХОКАМА [78]
ҒАЙРИДИНЛАР ХАЁТИДАН [0]
ЭШИТТИРИШЛАР [31]
ДИНИЙ МАРУЗАЛАР [15]
СУД, ПРОК, МИЛИЦИЯ [18]
ФАХШ ИШЛАР [16]
ЭКСПЕРТЛАР ХУЛОСАСИ [1]
Қ И Р Ғ И З И С Т О Н [177]
Б Б С Мехмонлари [22]
Қ О З О Ғ И С Т О Н [5]
МАЖБУРИЙ МЕХНАТ [2]
Т О Ж И К И С Т О Н [20]
Р О С С И Я [22]
ЖАЗОГА ХУКМ ҚИЛИНГАН [9]
Ў З Б Е К И С Т О Н [74]
Ш В Е Ц И Я [0]
МУХИДДИН ҚЎҚОНДИЙ ШАХСИЙ САХИФАСИ [4]





АЛЛОҲНИНГ  ГЎЗАЛ  ИСМЛАРИ

ШАЙХ МУХАММАД СОДИҚ МУХАММАД ЮСУФ ХАЗРАТЛАРИНИНГ МАРУЗАЛАРИ

Х А Л Қ И М

Б Е Н А М О З

КАРИМОВНИНГ ХАБАРИ ЙЎҚ

ЎЗБЕКИСТОН БОЛАЛАРИ

ЖАННАТДАГИ КУНДОШИМ

Pepsi ва Coca-Cola ХАРОММИ ?

Би-би-си мехмони Швециялик муҳожир

Е-322 МОДДАСИ

"МХХ билан келишув амалга ошмади"

Фан ҳижобнинг фойдали эканлигини тасдиқлади

"Гуноҳим рўмол ўраганимми?”

Эр - хотин кишининг ярим пири..?

Погон таққан
қиз ўғрилари

ТАШАККУРНОМА

Террорчилик - Ғарб маҳсули

Гегемонлик васвасаси

Ўзбекистонга   қайтган
аëл  қамоққа  олинди


Каримов ғарбни ўйинчоқ қилмоқда

Имомлардан маломатларни кўтариш

АҚШ элчиси Каримовни қизлари хақида айтганлари


 
Главная » 2011 » Март » 9 » СОФ ВА СОДДА ИСЛОМГА ДАЪВАТ - 5
12:44
СОФ ВА СОДДА ИСЛОМГА ДАЪВАТ - 5
БЕШИНЧИ БЎЛИМ
ИСЛОМ  ДИНИНИНГ МУОМАЛАТ ҲУКМЛАРИ
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ

Муомалатлар исломий жамиятнинг умумий масалаларига оид бўлган ҳукмларини ўз ичига олади. Яъни муомалатлар, исломнинг ҳуқуқий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маориф, оила ва мерос ҳуқуқи каби ҳукмларидан иборатдир.
ИСЛОМ ФУҚАРОЛИК ВА ДУНЁВИЙЛИК ЖАМИЯТИДИР
Исломнинг фуқаролик ва дунёвийлик жамияти бўлиши унинг энг оз билинган тарафларидандир. Фуқаролик жамияти дейилганда жамиятнинг ўртага чиқиши, унда ижтимоий қонун ва- қоидаларнинг ўрнатилишида инсонларнинг фаол иштироки тушунилади. Яъни, фуқаролик жамияти бир шахснинг ёки бирор гуруҳнинг жамиятни асир олиши ва унинг устидан мутлақ ҳокимиятини ўрнатишини билдирмайди. Бу маънода  Ислом диктаторлик ёки оилавий қироллик тузуми эмасдир. Шунингдек, Исломда дунёвийликнинг ўрни бор дейилганда ғарб тузумларида мавжуд бўлган дин ва ижтимоий-сиёсий ҳаётни бир-биридан ажратишни эмас, Аллоҳ таоло нозил қилган ҳукмларнинг бу дунё ҳаётини тартибга солишини назарда тутмоқдамиз.
Муҳаммад   саллоллоҳу алайҳи вассаламнинг ҳадисларидан бирида билдирилган "халифаликликдан сўнгра султонлар иш бошига” келади, деган маъно Ислом доимо диктаторликдан ва оилавий қиролликлардан иборат бўлади, дея талқин қилинмаслиги керак. Ҳақиқатан ҳам хулофои рошидинлардан кейин Ислом жамияти минг йилдан кўпроқ вақт давомида оилавий қиролликлар ва султонликлар томонидан бошқариладиган жамиятдан иборат бўлиб келди. Аммо бунинг Ислом келтирган фуқаролик ва дунёвий жамияти эмаслиги,  мусулмонларнинг манфаатига ҳар жиҳатдан мос эмаслиги, энг асосийси Қуръон ва Суннат белгилаб берган ўрнак исломий жамият эмаслиги бугун ўз-ўзидан маълумдир. Ислом дини жамиятни шакллантиришда тўрт устунга асосланади: Қуръони Карим ва саҳиҳ суннат ҳукмлари, Шўро-маслаҳатлашиш ва мусулмонларнинг ўзларидан бўлган раҳбарга итоат қилишлари. Пайғамбаримиз  саллоллоҳу алайҳи вассалам ўзларига илоҳий раҳбар-ваҳий келиб туришларига қарамай, бу дунё ишларини бошқаришда саҳобалар билан шўро-маслаҳат асосида иш юритар эдилар. Аллоҳ таоло Ўз Китобида мусулмонларга ҳам ишларини  шўро-маслаҳат асосида юритишни марҳамат қилгандир:
"Улар Парвардигорларига ижобат-итоат этадиган ва намозни тўкис адо қиладиган зотлардир. Уларнинг ишлари ўзаро Шўро-маслаҳат билан бўлади ва улар Биз ризқлантирган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар" (Шўро сураси 38)
Хулофаи рошидинлар замонидан кейин исломий жамиятнинг оилавий қиролликларга айланиб кетишига қарши чиққанлар албатта бўлганди. Улар орасида икки исмни зикр қилмоқчимиз: халифа Умар ибн Абдулазиз ва имом Абу Ҳанифа. Умар ибн Абдулазиз халифаликнинг отадан ўғилга мерос қолишини истамаган ва халифанинг мусулмонлар шўросида сайланиши тарафдори эди. У Исломнинг бу ҳақиқатини мусулмонлар орасида жорий қилишни истагани учун яқинлари тарафидан заҳарланди ва бу шаклда шаҳид этилди. Имом Абу Ҳанифа ҳам халифаликнинг отадан ўғилга мерос қолишига қарши чиққан ва бунинг учун замонасининг золим раҳбарлари томонидан зулм ва исканжа кўрган, қамалган ва ниҳоят қамоқда вафот этганди.
Бутун бу далиллар асосида шу хулосага келишимиз мумкин: Инсонлар Аллоҳ таоло тарафидан яраталгандир ва Аллоҳнинг иродаси мутлақ, инсонларнинг иродаси эса нисбийдир. Ислом дини илоҳий ирода ва инсоний ироданинг мутаносиблигига асосланади. Исломнинг ҳукмларига мутлақ ҳукмлар сифатида итоат қиладиган мусулмонлар турли даврларда ва маконлардаги ҳар хил муаммолар ҳақида, агар бу муаммоларнинг ечими Қуръон ва саҳиҳ суннатда кўрсатилмаган бўлса, ўзларининг нисбий иродалари, яъни ақл, илм ва идрокларини қўллаган ҳолда қарор бера оладилар.  Демак, исломий фуқаролик ва дунёвийлик жамиятининг ўртага чиқиши аввало Аллоҳ таолонинг (шаръий) иродасига боғлиқ бўлиб, сўнгра мусулмонларнинг саҳиҳ илм, имон, тақволи, адолатли ва дунё ишларида аҳил бўлишлари билан амалга ошади. Бу ерда тушунмовчиликларга йўл қўймаслик учун мусулмонларнинг ўзларига боғлиқ бўлган шартларни яна бир марта такрорлаймиз. Бу уларнинг саҳиҳ илм соҳиби, соф эътиқод (тавҳид) ва солиҳ амал эгалари бўлишлари, тақволи, адолатли ва дунё ишларида аҳил бўлишларидир. Аввало жамият аъзоларининг асосий қисмининг мана шу сифатларга эга бўлишига эришиш лозим бўлади. Акс ҳолда, яъни жоҳиллик устун бўлган жойда ҳақнинг устун бўлиши ҳақида гапириш ноўрин бир ишдир. Саҳиҳ илм ва саҳиҳ имон, солиҳ амал,тақво ва адолат танқис бўлган жойда жамият қуриш учун келтирилган ҳар қандай таклифнинг натижаси олдиндан маълумдир: Бунинг натижаси хурофот жамияти ва жоҳилият тузумидир.
ИСЛОМНИНГ ҲУҚУҚ ТИЗИМИ ҲАҚИДА
А) Инсонларнинг  эътиқод ҳуқуқи таъминланади.
Яъни, Ислом дини ягона ҳақ дин бўлишига қарамай, инсонлар бу динни қабул қилишга мажбур қилинмайди. Исломий жамиятда яшашига қарамасдан бошқа динга мансуб бўлганларга, уларнинг эътиқодига кўра ибодат қилиш ҳуқуқлар берилади. Ғайримуслимлар зиммийлар сифатида кўрилади ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ислом давлати билан тузадиган аҳдлари асосида белгиланади.
"Динда (Исломда) мажбурлаш йўқдир. Шубҳасиз, ҳақ ботилдан ажралгандир. Ҳақиқатан ҳам тоғутни рад этиб, Аллоҳга имон келтирганлар узилмайдиган, мустаҳкам тутқични ушлайдилар. Ва Аллоҳ эшитувчи, билувчи зотдир” (Бақара сураси 156)
Бу ояти карима инсонларни зўрлик билан, яъни куч ишлатиш орқали Ислом динига киритиш тўғри эмаслиги ҳақидадир. Аммо бу оят мусулмонлар ҳам динларида ўз билганларича ҳаракат қила оладилар, истасалар Исломда бўладилар, истамасалар бу диндан чиқиб кетаверадилар, истасалар Аллоҳ таолога ибодат ва итоат қиладилар, истамасалар қилмайдилар, деган маънони билдирмайди.Чунки калимаи шаҳодатни айтиб, мусулмон бўлган киши Аллоҳ таоло билан аҳд тузган, Унинг иродасига таслим бўлишни ва Аллоҳга ибодат ва итоатни ўз зиммасига олган ҳисобланади.
Б) Инсонларнинг жонига қасд қилганлардан қасос олинади.
Бу Исломнинг жамиятда инсонларнинг ҳаётининг хавфсизлигини таъминлаш йўлидир. Яъни, бошқа инсонларнинг жонига у ёки бу шаклда зарар берадиган қотил ёки жиноятчи бунинг учун шубҳасиз жавобгарликка тортилади. Бу ерда мазлум учун ҳам золим учун ҳам муҳим бўлган нуқта содир этилган жиноят учун Аллоҳ таолонинг ҳукмларига кўра қасос олинишидир. Бундан мақсад мазлумни қаноатлантириш бўлгани каби, золимнинг ҳам янада золимроқ бўлишига йўл қўймасликдир. Инсонлар ўйлаб топган жамиятларда жиноятчига инсон ақлига кўра жазо берилади. Берилган жазодан мазлум ҳам золим ҳам мамнун қолмайди. Натижада мазлумнинг золим, жиноят қилган золимнинг эса янада золимроқ бўлиши учун йўл очилади. Жиноят учун Аллоҳ таолонинг ҳукмларига кўра жазо берилганда эса жамиятнинг ҳам, мазлумнинг ҳам, золимнинг ҳам эътироз имкони ва кучи қолмайди.
"Эй мўминлар! Сизларга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди. Ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл. Кимга ўз биродари (яъни ўлдирилганларнинг яқинлари) афв берадиган бўлса, яхшилик билан ва тўлиқ ҳолда (ўлдирган киса учун хун-тўлов) берсин. Бу Парвардигорингизнинг сизларга енгиллиги ва раҳматидир. Шундан кейин ким душманлик қиладиган бўлса, унга аламли азоб бордир. Қасос олишда сизларга, эй ақл соҳиблари, ҳаёт бордир. Шоядки тақводор бўлсангиз” (Бақара сураси 178-179)
Демак, қасос олишдан мақсад инсонлари ўлдириш эмас, аксинча уларнинг ҳаётларини сақлаб қолишдир. Чунки Ислом ҳуқуқига оид ҳукмларининг барчаси ёмонликнинг ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилгандир. Исломий жамият ўртага чиққандан кейин инсонларнинг жонига қасд қилганлардан қасос олишнинг шартлари ва йўллари Қуръони Карим ва саҳиҳ суннат ҳукмларига кўра алоҳида қонун билан белгиланади.
В) Инсонларнинг ақлига зарар берадиган спиртли ичимликлар, наркотик моддалар ва ҳ.к истеъмол қилиш тақиқланади.
Инсонларнинг дин ва жонининг хавфсизлиги таъминлангандан кейинги вазифа уларнинг ақлининг маҳофаза қилинишидир. Чунки ақлнинг вазифаси саҳиҳ эътиқод ва соғлом вужудга хизмат қилишдан иборатдир.  Спиртли ичимликлар ичиш, наркотиклар ва шунга ўхшаш зарарли моддалар истеъмол қилиш инсон ақлига бевосита зарар беради. Бу билан нафақат шахсларнинг, жамиятнинг умумий "ақли”, яъни ҳузури ва тараққиёти ҳам зарар кўради. Буни исботлаш учун узоқ изланишга керак йўқ. Рус халқининг ва уларга бу масалада эргашганларнинг ароқ ичиш муаммоси ақлли ҳар киши учун етарли далилдир.
"Албатта, шайтон хамр (спиртли ичимликлар) ва қимор билан ораларингизга душманлик ва кин солишни ҳамда сизларни намоз ўқишдан ва Аллоҳни зикр қилишдан тўсишни истайди. Энди (булардан) воз кечдингизми?” (Моида сураси 91)
Исломий жамият ўртага чиққандан кейин инсонларнинг ақлига зарар берадиган спиртли ичимликлар, наркотик моддалар ва ҳ.к истеъмол қиладиганларга бериладиган жазо Қуръони Карим ва саҳиҳ суннат ҳукмларига кўра алоҳида қонун билан белгиланади.
Г) Инсонларнинг наслини бузадиган зино ва фаҳш ишлар тақиқланади, уларга олиб борадиган бутун йўллар ёпиб қўйилади.
Жамиятларнинг таназзули инсонларда ахлоқнинг бузилиши билан бошлайди. Бунинг яққол кўриниши жинсий ахлоқсизлик ва унга олиб борадиган фитна-фасод йўлларнинг очилишидир. Эркак ва аёлларнинг ўзаро муносабатларида исломий қоидаларга амал қилмаслик, яъни аёлларнинг зийнатларини ошкор қилиб, фитна манбаига айланишлари, инсон эркинликларини баҳона қилиб, жинсий бузуқликнинг тарғибот қилиниши натижасида зинога олиб борадиган йўллар очилади. Бу эса ўз ўрнида ҳам жисмонан ҳамда руҳан носоғлом наслларнинг туғилишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Ислом дини бундай ёмонликнинг илдизини қуритишни ўзига вазифа қилиб олгандир:
"Ва зинога яқинлашманглар! Албатта зино фоҳиша иш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси 32)
"Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирмаслар, зино қилмаслар. Ким шуларни (гуноҳларни) қиладиган бўлса (ёмон) оқибатга (жазога) дучор бўлади” (Фурқон сураси 68)

Исломий жамият ўртага чиққандан кейин инсонларнинг наслини бузадиган зино ва фаҳш ишлар қиладиганларга бериладиган жазо Қуръони Карим ва саҳиҳ суннат ҳукмларига кўра алоҳида қонун билан белгиланади.
Д) Инсонларга хусусий мулкга эга бўлиш ҳаққи берилади ва уларнинг мол- мулки давлат тарафидан қўрилади.
Исломий жамиятда инсонларнинг мол-мулки уларнинг жони каби давлат томонидан муҳофаза қилинади. Мол-мулк аввало Аллоҳ таолонинг инсонларга иноятидир. Инсонлар моли мулк, бол-чақа ва мақом-мансаб каби қадриятлар билан бу дунё ҳаётида имтиҳон қилинади. Исломий жамият ўртага чиққандан кейин инсонларнинг мол-мулкига тажовуз қиладиганларга бериладиган жазо алоҳида қонун билан белгиланади.
Бу айтилганлар ҳуқуқ соҳасида Ислом динининг баёнотидир (манифестидир) ва ҳеч бир дунёвий тузум бу соҳада Ислом билан рақобат қила олмайди. Яъни, Исломнинг ҳуқуқ тизими инсонларнинг яратилиш фитратига мос келгани каби, бутун башарий тузумларнинг ҳуқуқ тизимларидан шак-шубҳасиз устундир. Ислом ҳуқуқига кўра инсонларга бериладиган ҳуқуқларни бошқа инсонлар белгилай олмайди. Уларга бериладиган ҳуқуқларни Аллоҳ таоло белгилагандир ва бу илоҳий қоидаларга кўра инсонларга бериладиган ҳуқуқлар эътиқод эркинлигини чегараламаслиги, инсоннинг жонига қасд қилишга йўл бермаслиги, ақлига ва наслига зарар бермаслиги ва мол мулкининг хавфсизлигини таъминлаши керак.
ИСЛОМНИНГ ИҚТИСОД ТИЗИМИ ҲАҚИДА
Иқтисодий соҳада Исломий қоидалар қисқача қуйидагилардан иборатдир:
А) Инсонларга хусусий мулкга эга бўлиш, тадбиркорлик ва эркин тижорат билан шуғулланиш ҳаққи берилади.
Б) Ислом талабларига кўра нисоб даражасига етган мол мулкдан, иқтисодий ва тижорий фойдалардан закот олинади.
В) Давлатга оид мулк Байтул Молда (Давлат Хазинасида) тўпланади.
С) Фоиз ва порахўрлик қонун билан таъқиқланади.
Д) Давлат зарурий ҳолларда аҳолидан қўшимча солиқ олиши мумкин.

ИСЛОМНИНГ ИЖТИМОИЙ ТИЗИМИ ҲАҚИДА

Ижтимоий соҳада Исломий қоидалар қисқача қуйидагилардан иборатдир:
А) Давлат ижтимоий соҳада илоҳий адолатнинг ўрнатилишини кафолатлайди. Инсонлар ижтимоий келиб чиқишлари, тиллари ва шунга ўхшаш хусусиятлари эътиборга олинмаган ҳолда қонун қаршисида тенг мақомга эга бўладилар. Қарияларга, ишсизларга, ногиронларга, фақир фуқарога ижтимоий ёрдам бериш давлат сиёсатида ўрин олади.
Б) Мусулмонлар ўзларига Аллоҳ таоло тарафидан берилган мол мулкдан эҳтиёж соҳиби кишиларга инфоқ эҳсон қилишга ташвиқ қилинади.

ИСЛОМНИНГ ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ТИЗИМИ ҲАҚИДА
Исломий тузумда мактабларда дунёвий ҳамда охират илмлари ўқитилади. Бундан кўзланган мақсад ёш авлодларнинг иймонли, тақволи, қобилиятига кўра ҳунарманд ва юксак мутахассис бўлиб етишишини таъмин этишдир.

ИСЛОМНИНГ ОИЛА ВА МЕРОС ТИЗИМИ ҲАҚИДА
Оила қуриш ва мерос масаласида ҳам исломий қоидалар тадбиқ қилинади. Исломий никох мусулмонларнинг оила қуришида асос ҳисобланади. Ажралиш эса талоқ қилиш орқали амалга ошади. Оила қуриш ва ажралишнинг шартлари, мерос ҳуқуқи Қуръони Карим ва саҳиҳ суннат ҳукмларига кўра алоҳида қонунлар билан белгиланади.

ИСЛОМНИНГ ҲАЛОЛ ВА ҲАРОМ МАСАЛАСИДА ҲУКМЛАРИ ҲАҚИДА
Мусулмонлар Қуръони Карим ва Муҳаммад (сав)нинг Суннатларида кўрсатилган ҳалол ва ҳаром қоидаларига амал қиладилар. Ашёда ва ишларда ҳалол саналиш асос, ҳаром эса истисно ҳолидир. Нарсаларнинг ва ишларнинг ҳалол ва ҳаромга ажратилишининг моҳияти аввало Аллоҳ таолонинг нафсларни имтиҳон қилиши, қолаверса инсонларнинг пок нарсалардан фойдаланиши ва Исломга кўра тўғри ишларни амалга оширишлари учундир. Масалан, Ислом маст қилувчи ичимликларни, чўчқа гўштини, ўлимтик ҳайвонларнинг гўштини, қонни, Аллоҳ таолонинг исмидан бошқаларга атаб сўйилган ҳайвонларнинг гўштини, ўзаро сузишиб ўлган ҳайвонларнинг гўштини ҳаром қилгандир. Буларнинг ҳаром ҳисобланиши инсоннинг ақлига ўз-ўзидан мос тушади ва имон келтирган киши ҳеч иккиланмасдан буни қабул қилади. Яна масалан, насл жиҳатдан инсоннинг яқини ҳисобланадиган онаси, опа-сингиллари, холалари, аммалари, ака-укаларининг қизлари, опа-сингилларининг қизлари, отасининг никоҳида бўлган аёллар, опа-сингилни айни пайтда никоҳлаш, эрли аёлларни никоҳлаши ҳам мусулмонлар учун ҳаромдир. Бундай никоҳланишнинг ҳаромлиги ҳам инсоннинг табиатига (фитратига) мосдир ва имон келтирганларнинг бу қоидага амал қилишида муаммо бўлмайди. Диққат қилинадиган бўлса, Ислом келтирган ҳалол ва ҳаром қоидалари нафақат инсонларнинг, балки жамиятнинг умумий манфаати учун ҳам фойдалидир.

ИСЛОМНИНГ АХЛОҚ МАСАЛАСИДАГИ ҚОИДАЛАРИ ҲАҚИДА
Инсонлар тўғри сўзли, адолатли, тақволи, ихлосли бўлишга, Аллоҳ таолога хушу ва эҳсон билан бандалик қилишга, қилган гуноҳларига тавба қилишга, ёлғон риё, кибир, ҳасад, нифоқ, ғийбат ва бўҳтон каби салбий ҳислатлардан узоқ туришга ташвиқ қилинади. Ислом дини инсонларни маънавий инқирозга етаклайдиган гуноҳ ишлар қилишдан қайтаради. Гуноҳларнинг энг каттаси ва Аллоҳ таоло кечирмайдигани ширк, яъни Аллоҳ таолога шерик келтиришдир. Шунингдек, ота-онага осий бўлиш, ноҳақлик билан одам ўлдириш, зино қилиш, бировларнинг мол мулкини ўғирлаш, маст қилувчи ичимликлар ичиш, ғийбат ва туҳмат қилиш, фоиз олиш ва бериш каби амаллар катта гуноҳлардан ҳисобланади.

СИЁСАТ МАСАЛАСИДА БАЪЗИ ТАКЛИФЛАР
Сиёсий соҳада: Ислом сиёсатининг асослари қуйидагилардир:
А) Аллоҳ таоло ягона ҳукмдордир. Яъни, халқнинг ўзи ҳам, унинг вакиллари ҳам, бирор шахс ҳам инсонлар ва жамиятнинг устидан мутлақ ҳукмдорлик қила олмайди. Аллоҳ таоло сўнг Китоби Қуръони Каримда инсонлар ва жамият амал қилиши лозим бўлган ақидавий, сиёсий, иқтисодий, мерос, оила ва ахлоқий ва ҳ.к.қонунларни нозил қилгандир.
Б) Мусумонларга ҳукуматни қуриш ҳаққи берилади. Яъни, мусулмонлар Ислом Шўроларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига, ҳукумат аъзоси бўлиш, ҳукуматни танқид қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
В) Мусулмонларнинг ўзлари сайлаган раҳбарларга итоат қилиши вожибдир.
МАҲАЛЛА БОШҚАРУВИ
Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги маҳалла тизими зоҳиран яхши бир тизимдир. Яъни, маҳаллаларда фуқаролар ўзаро яқин алоқада бўладилар, улар моддий ва маънавий жиҳатдан ўзаро ёрдамлашадилар. Фақат бу тизим режимнинг зулмига мослаштирилган ва бу орқали маҳалладаги фуқароларга бир-бирининг орқасидан жосуслик қилиш вазифаси юкланган. Исломга кўра эса маҳалла жамият ҳаётининг барча соҳаларида, эътиқодий, ижтимоий, сиёсий ва ҳ.к илк босқич ҳисобланади.
Ҳар маҳалла ўртача 7000-10000 кишидан иборат бўлиши мақсадга мувофиқдир. Фуқаролар учун қайси маҳаллада ёки умуман мамлакатнинг қайси ҳудудида яшашлари ихтиёрий бўлиши керак. Бевосита овоз бериш (умумий сайлов) ёки билвосита овоз бериш билан (яъни қариндош-уруғлар жамоасининг ўзларининг яқинларидан номзод кўрсатиш усули билан) ҳар маҳалла аҳоли сонига қараб 41 ёки 51 кишилик Шўро (маслаҳат кенгаши) аъзоларини сайлайди (Маҳалла Шўросининг аъзолари сони бундан кўп ёки оз ҳам бўлиши ҳам мумкин. Бу ерда айтилган фикр фақат бир таклифдир). Маҳалла Шўроси Маҳалла Раисини Шўро аъзоларининг ичидан оддий кўпчиликнинг овози билан сайлайди ва Туман Шўросига вакиллар сайлайди. Шунингдек, бу Шўро маҳалла ҳаётининг бутун соҳаларига оид масалаларда қарорлар олади ва маҳалла раиси ва маҳалланинг бошқа маъмурларининг фаолиятларини назорат қилади. Маҳалла халқининг барчасига оид масалалар Ислом ҳукмлари асосида умумий овозга қўйиш билан ҳал қилинади.
ТУМАН БОШҚАРУВИ
Туман Шўролари (маслаҳат кенгашлари) маҳалла Шўроларида сайланган вакиллардан иборат бўлади. Туман аҳолисининг сонига қараб, унинг Шўроси 91-100 кишигача бўлиши мумкин (рақамлар тахминийдир). Туман Шўроси туман аҳолиси ҳаётининг бутун соҳаларига оид масалаларда Исломий ҳукмлар асосида қарорлар олади, туман ҳокимини Шўро аъзоларининг ичидан оддий кўпчиликнинг овози билан сайлайди ва туманнинг ижрочи маъмурларининг фаолиятларини назорат қилади.
ВИЛОЯТ БОШҚАРУВИ
Вилоят Шўролари (маслаҳат кенгашлари) туманлар Шўроларида сайланган вакиллардан (тахминан 130-150 орасида) иборат бўлади. Вилоят Шўроси вилоят аҳолиси ҳаётининг бутун соҳаларига оид масалаларда Исломий ҳукмлар асосида қарорлар олади, Давлат Раиси кўрсатган номзодни вилоят ҳокимлигига тасдиқлайди ва вилоятнинг ижрочи маъмурларининг фаолиятларини назорат қилади.
ДАВЛАТНИНГ МАРКАЗИЙ БОШҚАРУВИ
ДАВЛАТ ШЎРОСИ
Давлат Шўроси (маслаҳат кенгаши) вилоят шўроларида сайланган (тахминан 250-300 киши) вакиллардан иборат бўлади.
Давлат Шўросининг асосий вазифаси Исломнинг ўзгармас ҳукмларига асосланган ҳолда мамлакат кундалик ҳаётига оид қарорлар олиш ва ижро ҳокимиятининг Исломнинг ҳукмларини ва давлат Шўросининг қарорларни қандай ижро қилаётганини назорат қилишдан иборат:
1) Давлат Шўроси бу Шўронинг Раисини ва Раис ўринбосарларини сайлайди.
2) Давлат Шўроси Давлат Раисини сайлайди ва Исломга кўра шартлар ўртага чиққанда Давлат Раисини лавозимидан узоқлаштиради.
3) Давлат Шўроси Давлат Раисининг томонидан Вазирликка кўрсатилган номзодларни лавозимига тасдиқлайди.
4) Давлат Шўроси Вилоят ва Давлат Маҳкамасининг Раисларини сайлайди
5) Давлат Шўроси Давлат Раиси ҳозирлатган Давлат Бюджетини тасдиқлайди.
6) Давлат Шўроси Давлат Хазинасининг Раисини сайлайди
7) Давлат Шўроси Давлат Раиснинг уруш бошлаш ёки урушни тугатиш ҳақидаги қарорини тасдиқлайди
8) Давлат Шўросининг аъзолари мустақилдирлар ва уларга Шўро ичида турли гуруҳ ва фирқалар тузишга рухсат берилмайди.
(Давлат Шўросининг вазифалари Шўронинг қарори билан янада кенгроқ ҳам бўлиши мумкин.)
ДАВЛАТ РАИСИ
1) Давлат Раиси давлат ва ижро ҳокимиятининг бошлиғи, мамлакат ҳарбий кучларининг бош қўмондонидир. Давлат Раиси Давлат Шўросида ўз лавозимига сайланади.
2) Давлат Раиси подшоҳ ёки қирол эмас, давлатнинг оддий маъмуридир. Давлат Раислиги отадан ўғилга мерос сифатида берилмайди.
3) Давлат Раиси ижро ҳукуматини қуради, Вазирлар номзодларини Давлат Шўросига тасдиқ учун тақдим этади.
4) Давлат Раиси мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий, ҳарбий, таълим, маданият ва бошқа соҳалардаги фаолиятини бошқаради.
4) Давлат Раиси Вилоят ҳокимларини лавозимларига тайинлайди ва бу ҳақдаги қарорларини Вилоят Шўроларининг тасдиғига тақдим этади.
5) Давлат Раиси ҳукумат ҳозирлаган Давлат Бюджетини Давлат Шўросига тасдиқ учун тақдим қилади.
6) Давлат Раиси уруш бошлаш ёки урушни тугатиш ҳақидаги қарорларини Давлат Шўросига тасдиқ учун тақдим этади.
7) Давлат Раиси мамлакатни дунё давлатларида тамсил этадиган элчиларнинг номзодларини Давлат Шўросига тасдиқ учун тақдим этади.
8) Давлат Шўроси ва давлат Раиси ўртасида келишмовчилик чиққанда, масала Давлат Маҳкамаси томонидан қарорга боғланади. Давлат Маҳкамасининг қарори барча учун қатъийдир ва муҳокама қилинмасдан ижро қилинади.
(Давлат Раисининг вазифалари Давлат Шўросининг қарори билан янада кенгроқ ҳам бўлиши мумкин.)
Давлат Шўроси ва Давлат Раиси орасидаги ихтилофли масала Давлат Маҳкамасида кўрилади ва унинг қарори ҳар икки тараф учун мажбурий кучга эга бўлади.
МАҲКАМАЛАР
Маҳкамалар Вилоят ва Давлат Маҳкамаларига айрилади. Бу маҳкамаларнинг аъзолари ва Раислари Ислом фиқҳи мутахассислари бўлишлари шартдир ва улар Давлат Шўросида лавозимига сайланади. Фуқаролар вилоят маҳкамаларининг Ислом ҳукмларига кўра берган қарорлари устидан Давлат Маҳкамасига шикоят қилишлари мумкин. Давлат Маҳкамасининг қарорлари қатъий бўлиб, уларнинг ижро қилиниши шартдир.
 
ИСЛОМНИНГ МУОМАЛАТ ҲУКМЛАРИ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМНИНГ ҚИСҚА ХУЛОСАСИ
1.Бу ерда айтилган фикрлар Исломнинг муомалат ҳукмларининг қисқа изоҳи бўлиб, улар умумий тарзда келтирилгандир. Қуръони Каримда ҳам Ҳақ йўлда бўлишнинг умумий ҳукмлари келтирилади ва инсонлар аввало Ҳақ йўлнинг умумий асосларига даъват қилинадилар. Исломий жамият ўрнатилгандан кейин эса бу умумий ҳукмлар яна Қуръони карим ва саҳиҳ Суннат асосида ҳамда мусулмонларнинг ижмоси ва Шўроларда олган қарорлари асосида  ҳаётга жорий қилинади.
2. Ислом уммати учун ҳозирги даврдаги энг долзарб масалалардан бири мусулмонлар яшаётган жамиятларнинг сиёсий жиҳатдан, яъни бошқарув усулининг ислоҳ қилинишидир. Бундай ислоҳот мутлақо зарурийдир. Чунки ҳозирги кунда Ислом уммати ичида мавжуд бўлган бошқарув тарзи асосоан оилавий қиролликлар ва уларнинг тор манфаатига хизмат қилишдан бошқа нарса эмасдир. Бу эса умматнинг бутун имкониятларини йўққа чиқармоқда ва айтиш мумкинки бундай ғайрисломий бошқарув тизими ер юзида Ҳақ ҳокимиятининг ўрнатилишига тўсиқлик қилмоқда.
3. Уммат ичидаги оилавий қиролликлар ва диктаторликлардан воз кечиш кўр-кўрона ғарб демократиясига эргашишни ёки унга тақлид қилишни билдирмаслиги керак. Чунки ғарбдаги демократик тузум Исломга ақида ва ижтимоий-сиёсий жиҳатдан зиддир. Ғарб дунёсидаги мавжуд ижтимоий-сиёсий тузумлар динсизлик, моддий манфаатларнинг устунлиги (материализм), ахлоқсизлик ва ислом душманлиги асосига қурилгандир. Бу тузумларда яшаётган инсонлар аввало фоизхўрларнинг ва ахлоқсизликнинг қулига айлантирилади, сўнгра бу қулларга инсон ҳуқуқлари берилганлиги иддоа қилинади. Ҳолбуки Ислом аввало инсонларни инсон ҳокимиятининг ҳар қандай кўринишидан озод қилади ва уларга Аллоҳ таолонинг ҳукмлари доирасида ҳуқуқлар беради. Шунинг учун ҳам исломий фуқаролик ва дунёвийлик жамиятининг шаклланиши ғарб дунёсидаги жамиятларнинг шаклланишидан тубдан фарқ қилади. Масалан, демократик сайловлардан мақсад турли фирқаларнинг ўзаро моддий ва ижтимоий устунликни қўлга киритиш мужодаласидан иборатдир. Исломий сайловлардан мақсад эса жамиятда энг илмли, имонли, адолатли, тақволи ва ўз ишларидан аҳл бўлган мўмин раҳбарларни ўртага чиқаришдир.
4. Биз бу ерда келтирган сиёсий тизим Исломнинг бу масаладаги асосларига мос келади. Бу Қуръони Карим ва Суннат ҳукмлари асосида мусулмонларнинг Шўроларини тузиш, уларнинг раҳбарларни бу Шўроларда сайлаш ва шу йўл билан сайланган мўмин раҳбарларга итоат қилишдан иборатдир. Айни пайтда бизнинг таклифларимиз бу масалада олинган ниҳоий қарор ҳам эмасдир. Жамиятда динимизнинг тараққий қилиши билан бу таклифлар мусулмон биродарларимиз тарафидан ўқиб-ўрганилади ва амалий ҳаётга жорий қилиш учун муҳокама қилинади, деган умиддамиз. Шубҳасиз тавфиқ Аллоҳ таоладандир.
5. Исломий жамият ҳақида гап кетганда энг кўп билдириладиган эътироз биз диний жамият истамаймиз, дейдиганларнинг эътирозларидир. Аслида бу Исломга мухолиф бўлган ва динимизнинг жамиятда ўз ўрнини олишини истамайдиганларнинг эътирозидир. Уларнинг бундай ноўрин иддоасини йўққа чиқариш жуда осондир. Чунки Ислом дини ғарбдаги каби черковга занжирланган дин эмас. Ислом дини бу дунё ҳамда охират ҳаётини ўз ичига оладиган мукаммал илоҳий тузумдир. Бошқа тарафдан баъзи мутаассиб кишилар биз Исломда бу ерда келтирилган сайлов тизимига қаршимиз, дейишлари ҳам мумкиндир. Бизнинг уларга жавобимиз шундан иборатдир: биз бу билан мингларча йил давом этиб келаётган, мусулмонларнинг ва Исломнинг тараққиётига тўсиқлик қилаётган подшоҳлик ва қироллик тизимини ислоҳ қилишни назарда тутаяпмиз. Бизнинг бу масалада танлаган йўлимиз Қуръони Каримнинг ишларни Шўро билан юритиш, пайғамбаримизнинг ва саҳобани бунга амал қилиши, Умар ибн Абдулазиз ва имом Абу Ҳанифаларнинг йўлидир. Агар сизнинг шундай саҳиҳ йўлга эътирозингиз бўлса, далилларингизни келтиринг, биз сиз билан бу масалада муроса қилишга ҳар доим тайёрмиз.
6. Биз таклиф қилаётган бу дастур баъзи ўқувчиларимизга илмий жиҳатдан жуда саёз, баъзилари учун эса амалга ошириб бўлмайдиган даражада қийин бўлиб туюлиши мумкин. Албатта, илм, айниқса Ислом ва Қуръон илми чегарасиздир. Биз ушбу дастурнинг қисқа ва баъзи масалаларда фақатгина умумий маълумотлардан иборат эканлигини эътироф қиламиз. Бизни бундай содда дастурни ҳозирлашга ундаган сабаб исломий жиҳатдан   ватанимиздаги умумий жаҳолат ва инсонларимизнинг бу масалада содда ва осон ўзлаштирирадиган бир дастурга бўлган эҳтиёжидир. Яъни:
А) Инсонларимиз Аллоҳ таолога, бу мавзудаги ихтилофли масалаларга кирмасдан, соф имон билан эътиқод қилсинлар.
Б) Яна инсонларимиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассаламни етарли даражада таниб, У Зотга Аллоҳ таолонинг сўнгги пайғамбари сифатида имон келтириб, Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассаламнинг суннатларига шахсий ва ижтимоий ҳаётда амал қилсинлар.
В) Инсонларимиз ботилнинг, яъни ширк, куфр, нифоқнинг барча турларини рад қилиб, улардан сақлансинлар.
Г) Мана шундай соф ақидага эга бўлган кишилар сўнгра Ислом фарз қилган намоз ўқиш, закот бериш, рамозон рўзасини тутиш, ҳажга бориш каби амалларни мукаллафлик даражадасида адо этсинлар.
Д) Жамиятда Исломнинг тараққий қилиши билан ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва ҳ.к соҳаларда динимизнинг муомалат ҳукмлари ўз ўрнини олсин.
Е) Имон эгалари Ислом динининг ҳалол ва ҳаром қоидаларига амал қилсинлар ва ўз ҳаётларига Ислом ахлоқини жорий қилсинлар.
Биз инсонларимизни мана шундай соф ва содда, осон тушуниладиган ва осон амал қилинадиган Исломга даъват қилишни ўзимизнинг вазифамиз, деб билдик. Холис ният, Аллоҳ таоло берган илм ва тақво даражасида саҳифамизда мана масалани ёритишга уриндик. Бундан кейин қилинадиган иш муҳтарам ўқувчилармиз билан маслаҳатлашган ҳолда дастуримизни уларнинг ёрдамида такомиллаштириш ва бу савобли ишда улар билан биргаликда ҳаракат қилишдан иборатдир.
Тавфиқ шубҳасиз Аллоҳ таолодандир!

ЯГОНА ЧОРА ИСЛОМ ФУҚАРОЛИК ВА ДУНЁВИЙЛИК ЖАМИЯТИ ҚУРИШДАДИР
(Тинч йўл билан исломий тараққиётга эришиш дастури ҳақида)
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ
"Совуқ уруш”, яъни капиталистик ва коммунистик тузумларнинг ўзаро қарама-қаршилигига барҳам берилгандан кейин, дунё ҳукмронлигига толиб бўлган икки муросасиз куч, яъни ғарб тузуми ва Ислом орасида "исcиқ уруш” бошланди. Бу уруш бошланганининг ишорати 2001 йил 11 сентябрь ойида Нью Йоркдаги эгиз биноларга "исмсиз террористлар” тарафидан қилинган ҳужум эди. Бу террористлар ҳозирча-"фоили мажҳул”дир. Яъни, уларни ким амалга оширгани номаълумдир. Фақат шу нарса маълумки бу террор ҳаракатидан кейин ғарблик фитначилар Ироқ ва Афғонистонни ишғол қилдилар ва Ўрта Шарқни сиёсий ревизия қилиш ташаббусини бошладилар. Аммо бу уруш инсоният тарихида янгилик эмас, эски ва айни пайтда ҳақиқий қарама-қаршиликнинг жонланишидан иборатдир. Аллоҳ таоло нозил қилган илоҳий китобларда бу урушнинг бошланғич нуқтаси сифатида Одам ва Шайтоннинг ўзаро низоси кўрсатилади. Шундан кейин бу муросасиз низо пайғамбарлар, уларга имон келтирганлар билан имон келтирмаганлар орасида давом этганди. Бунинг энг машҳур ўрнакларидан бири Бани Исроиллилар ва уларнинг пайғамбари Мусо алайҳисслом билан Фиръан орасидаги мужодаладир. Аллоҳ таолонинг сўнг пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом келганларидан кейин ҳам Ҳақ ва ботил орасидаги мужодала бугунги кунгача давом этиб келмоқда. 20 асрда Ислом дунё сиёсат майдонида таъсирсиз қолганди. Аммо юқорида айтилгани каби, икки ботил тузум (капитализм ва коммунизм) орасидаги совуқ урушнинг тугаши билан Ислом дунё сиёсатида ўз ўрнини қайта эгаллади. Шу тарзда Ҳақ ва ботилнинг ўзаро омонсиз кураши қайтадан бошланди...
Мужодаланинг сири
Масаланинг моҳиятини яхши билмайдиганлар уни динлар (баъзилар буни маданиятлар ҳам дейди) орасидаги кураш, дея баҳолайдилар. Бу ердаги хатога икки нуқтада баҳо бериш мумкин. Биринчиси, Аллоҳ таоло инсонлар учун динлар эмас дин ирода қилгандир. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг Оли Имрон сураси 19 оятида "Шубҳасиз Аллоҳ ҳузуридаги дин Ислом”, дейилади. Бунинг исботи барча пайғамбарларининг инсонларни ягона динга даъват қилганларидир. Яъни, Одам алайҳиссалом, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммад алайҳиссаломлар бир динни-Исломни инсонлар орасида ёйган эдилар. Аҳли китоб ҳисобланадиган яҳудийлар ва насронийлар Аллоҳга имон келтиришларини иддоа қилганликлари ҳолда Унга Узайр (ас) ва Исо (ас)ни шерик қиладилар. Яъни орадаги келишмовчилик Аллоҳ таолонинг Зотининг мавжудлиги масаласи эмас, кимнинг ёки ниманинг Илоҳ ва Роб ҳисобланиши масаласидир. Исломдан бошқа "динлар” эса инсонларнинг ўзлари ўйлаб топган уйдирмалардан бошқа нарса эмасдир. Мусулмонлар Аллоҳ таолога ягона Илоҳ ва Роб сифатида тоат-ибодат қиладилар. Иккинчи хато эса, диннинг моҳиятини ғарбликларнинг нуқтаи назари билан баҳолашдадир. Бунга кўра дин ижтимоий ҳаётнинг бир бўлагидир ва лозим кўрилганда динни инсонларнинг шахсий  ҳаётларидан ва ижтимоий соҳалардан суғуриб олиб ташлаш мумкин. Бу масаладаги Исломий ҳақиқат эса диннинг ижтимоий соҳанинг бир бўлаги эмас, аксинча шахс ва жамият ҳаётининг бутун бўлакларини ўз ичига оладиган илоҳий низом ҳисобланишидир. Ушбу икки нуқта ҳақида айтилганларнинг хулосаси шундан иборат ки, дин масаласини тушунишда инсонлар асосан уч тоифага айрилганлар:
1. Таркиохиратчилар. Булар динни афюн, деб биладиган моддапарастлар (материалистлардир). Бугун инсониятнинг асосий қисми мана шу тоифага мансубдир, десак хато бўлмайди. Моддапарастликнинг турли шакллари (капитализм, коммунизм, фашизм, дарвинизим, дунёвийлик ва ҳк) асосан мусавийликга (яҳудийликга) мансуб кишиларнинг дунёқарашларининг натижасидир. Бундай дунёқараш баъзи моддий соҳаларида тараққиёт келтириш билан бирга инсон ҳаётида умумий мувозанатни йўққа чиқариши тарихий тажриба билан исботлангандир. Натижада инсонларнинг эътиқод, муҳаббат, самимият, оила бирлиги, бир-бирлари учун масъулият ҳис этиш каби сифатлари таназзулга учрайди. Бундай жамиятнинг инсонлари раҳму шафқатдан узоқ бўлган худбин (эгоист) шахсларга айланадилар. Моддапарастликни (материализмни) шиор қилиб олган жамиятлар ва давлатлар эса дунё сиёсатида фақат ўзларининг моддий манфаатлари ва бу манфаатларини узлуксиз қиладиган дунё ҳокимиятини қўлга киритиш учун курашадилар. Бу эса миллатлар ва халқлар орасида ниҳоясиз урушларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.
2. Таркидунёчилар. Булар бу дунё ҳаётини маъносиз ҳисоблайдиган ва руҳонийлик ҳаётини ихтиёр қилган кишилардир. Бундай дунёқараш асосан насронийларнинг ҳаёт тарзида кўриш мумкиндир. Бунга мисол сифатида Рим папаси ва унинг атрофидаги руҳонийларни, буддизм тарафдорларини ва ҳакоза тоифаларни кўрсатиш мумкин. Дунёдан этак силкиб, умрини ибодатхоналарда ихтиёрий маҳбус сифатида ўтказиш инсон фитратига зиддир. Чунки бундай ҳаёт тарзи инсон ўзлигининг ўртага чиқишига  монелик қилади. Эркак ва аёл ўртасидаги жинсий муносабатни инкор қилиш натижасида наслларнинг давом этишига путур етказилади. Натижада инсон умри ғайритабиий бир муҳитга қурбон қилинади...
3.  Таркиохиратчилар ва таркидунёчилар орасида ўрта йўл, яъни Ислом динига мансуб бўлганларнинг йўли. Бу ўрта йўлнинг моҳияти бу дунё ёки охиратга алоқадар қадриятларни тарк қилиш эмас, улар ўртасида мувозанат ўрнатишдан иборатдир. Мусулмон киши Аллоҳ таолонинг ҳукмлари доирасида, яъни ҳалол ва машруъ йўллардан моддий неъматлардан фойдаланиш орқали охиратда соадатга эришишга ҳаракат қилади. Бундай ҳаёт тарзи албатта имоннинг самараси ҳисобланади. Имон эса ҳақиқий севги (қуруқ шаҳват севгиси эмас) меҳр-шафқат, ўзаро масъулият каби инсонийликга хос бўлган сифатларнинг бардавомлигини қўрийдиган омилдир.
Ҳозирда ҳам, тарихда ҳам таркидунёчилар ва таркиохиратчиларнинг мусулмонларга мухолифлик қилганликлари бир ҳақиқатдир. Бунинг сабаби Исломнинг улар тарк қилишни истаган нарсаларига тўғри маъно беришидадир. Яъни, Исломга кўра бу дунё ҳаёти маъносиз яратилмаган, охират ҳаёти эса шубҳасиз содир бўладиган бир ҳақиқатдир.Албатта, Ислом ва унинг мухолифлари ўзлари эътиқод қилган қадриятларнинг ер юзида устун бўлишини ва инсониятнинг бу қадриятларга кўра ҳаёт кечиришини истайдилар. Яъни, орадига мужодала фақат мавжуд бўлиш учун эмас, кимнинг кимга итоат қилиши мужодаласи ҳамдир...


Категория: БАХС-МУНОЗАРА-МУХОКАМА | Просмотров: 1477 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2024
ҚИДИРИШ

Бесплатный хостинг uCoz