Қишлоқда бирга мол боқиб, кўча чангитиб катта бўлган жўрам бор. Оти Одил. Бирга ака-укадай катта бўлганмиз. Ўзи ибодатда эмас, кўп қатори содда қишлоқ йигити. Кези келганда айтиб кетай: гоҳида ўзимнинг яқин биродарларимдан кўра ана шундай жўраларим билан бемалолроқ, беғуборроқ, очилиб, мазза қилиб гаплашаман. Калламга нима келса бемалол айтавераман, қандай қабул қиларкан,-деб ҳатто ўйламайман ҳам. Аммо биродарлар билан эса етти ўйлаб бир гапиришга тўғри келади, эркин, очиқ бўлолмайсиз, орада қандайдир масофа борлигини сезиб турасиз.
Шу бола: Ҳасан, ман халқни ичидаман, қишлоқдаги гап-сўзлардан хабардорман . Одамлар бу қамалганларни энди қайтиб келишмайди, ўша ерларда ўлиб-чириб кетишади,-деб ўйлашарди. Давраларда гап бўлса, уларни итдай азоб тортиб, хору-зор бўлиб, йўқ бўлиб кетишлари ҳақида ваҳимали гаплар айтишар, қайтиб келишларини ҳатто тасаввур ҳам қилишмасди-дейди.
Қамалган биродарлардан энг биринчи акам чиқди. Ўзи энг кўп муддат акамга берилган эди. Бошқа биродарларнинг эса муддатлари камроқ эди, аммо муддатлари тугагач яна 3-5 йилдан қўшиб берилаверди. Акамга келгач, яна муддат қўшиб бериш тугади ва ўз муддатида чиқиб қолдилар.
Акам чиққанидан кейин ҳалигача тинмасдан ўйга одам келади, акамни кўргани. Одилнинг айтишича одамлар қайтишини ҳатто ҳаёлига ҳам келтиришмаган бу одамни ўз кўзлари билан кўриб, кейин ишонишяпти ва15 йиллик азоблар уни қай аҳволга солгани, қандай кўринишга келиб қолгани билан қизиқишяпти. Аммо акам билан гаплашгандим, акам: Синфдошларим, жўраларим ҳаммаси қариб кетишипти, худди амаки тоғаларимга ўхшайди, мани кўриб ҳечам ўзгармапсан, олдингидайсан, дейишади,-дейдилар...