Россия: Туладаги дўконда ўзбек аёл пичоқлаб ўлдирилди
Интернет тармоқларида сотувчи аёлнинг ваҳшийларча калтакланиб, кўп марта пичоқланган видеоси тарқалди. Тасвирда дўконда одамлар борлиги, аммо ҳеч ким ёрдамга келмаганини кўриш мумкин.
29 апрель куни Узловая шаҳарчасидаги "Пятерочка" супермаркетида асли ўзбекистонлик сотувчи аёлни тулалик эркак киши кундузи иш жойида калтаклаб, 20 дан ортиқ жойига пичоқ санчган.
33 ёшли Умида Эгамуротова олган тан жароҳатлари оқибатида шифохонанинг жонлантириш бўлимида ҳаётдан кўз юмган.
Маҳаллий нашрлар берган хабарларда марҳуманинг 3 нафар фарзанди борлиги билдирилган.
Умида Эгамуротова Россия фуқаролигини олган, асли қайси вилоятдан эканлиги ҳозирча маълум эмас.
Қотил қўшни
Маълумотларга кўра, қотиллик сабаби шахсий келишмовчиликлар бўлган. Марҳума ўз қотили билан қўшни яшаган. Андрей ҳамиша ичиб келиб, тўполон қилиши, уйида мусиқани баланд қўйиши ортидан Умида кўп марта тинчлик сақлашни сўраб, мурожаат қилган. Аммо тулалик эркак унга қулоқ ҳам солмаган, аксинча аёл яшайдиган хонадоннинг эшигини бузган. Шундан сўнг Умида маст ҳолдаги қўшниси устидан полицияга шикоят қилиш билан таҳдид қилган. Кейинчалик Андрей Умидадан қасд олиш мақсадида унга хужум қилганлиги билдирилган.
34 ёшли қотил Андрей К. қўлга олиниб, тергов-суриштирув ишлари бошланди, дея матбуотга хабар берди РФ ИИВ расмий вакили Ирина Волк. Шунингдек, жиноятчи муқаддам ҳам безорилик бўйича судланганлиги ва жарима билан қутилгани маълум қилинган.
Москвадаги ўзбек аёл: Россия демографиясини кўтарайлик!
Муҳожирлик баҳоси: ота-онасиз ўсаётган авлод келажаги нима бўлади?
Ўзбекистон, Россия: Мигрантларнинг бепул ёрдамчиси ва эмизикли она
Би-Би-Си Ўзбек хизмати ҳодиса юзасидан Тула вилояти ИИБ билан боғланди.
- Гувоҳлар сотувчи аёлни айнан шу киши пичоқлаб ўлдирганини тасдиқлашди. Андрей К. жиноятдан сўнг қочган, у шаҳар атрофидаги боғдан тутиб ҳибсга олинди, - дея изоҳ берди вилоят матбуот хизмати. Шунингдек, Умиданинг ҳамкасблари феъл-атвори яхши бўлганлигини билдириб, гувоҳлик беришганини билдирди.
30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги Бош вакиллиги Фейсбукдаги саҳифасида мазкур ҳодиса юзасидан муносабат билдирди.
"Айни дамда Агентлик вакиллари Умиданинг жасадини Ўзбекистонга қайтариш чора-тадбирларини кўришмоқда. Шу муносабат билан марҳуманинг яқин қариндошларини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ёки агентликнинг Россия Федерациясидаги вакилига мурожаат қилишларини сўраймиз", дейилади хабарда.
Орадан бир муддат ўтиб, агентлик Умида Эгамуротованинг Россия фуқароси эканлигини аниқлаб, унинг оила аъзоларига таъзия изҳор қилди.
"Ватандошимиз сифатида ташкилий масалаларда керакли амалий ёрдамини кўрсатишга тайёр эканлигини билдиради", дея қўшимча қилди агентликнинг Москвадаги Бош вакиллиги.
Россияда расман 600 минг нафардан зиёд ўзбекистонлик аёллар меҳнат муҳожирлигида, уларнинг катта қисми хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлашади.
Энг кўп камситиш, тажовузлар, жиноятлар, қуллик ва одам савдолари, бахтсиз ҳодисаларга дуч келаётган хотин-қизлар ҳам марказий осиёлик аёллардир.
https://www.bbc.com/uzbek/central-asia-48014518
|